Халқимиз саломатлиги йўлида матонат билан меҳнат қилаётган ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Сизни энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан қутлар эканман, машаққатли ва шарафли меҳнатингиз билан мамлакатимиз ривожи ва аҳоли саломатлигини сақлашга қўшаётган муносиб ҳиссаларингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.
Янги Ўзбекистон ғоясини амалга ошириш йўлида ижтимоий соҳанинг муҳим бир бўлаги ҳисобланган соғлиқни сақлаш тизими ҳам тубдан янгиланмоқда. Бирламчи тиббий тизимдан тортиб ихтисослаштирилган тиббий хизматларгача халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаган ҳолда ислоҳ қилинмоқда. Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига босқичма-босқич жорий қилинаётган замонавий технологиялар сабаб тиббиёт ходимларини йиллар бўйи қийнаб келган ортиқча қоғозбозлик каби ноқулайликларга чек қўйилиб, бунинг ижобий натижалари халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати янада ошишида намоён бўлмоқда.
Яқин йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг салмоғи ҳам соҳа ривожининг қай йўсинда кетаётгани ҳақида хулоса қилишга имкон беради: бутун мамлакат бўйлаб тиббий хатлов амалга оширилиб, аҳоли вакиллари саломатлик даражасига кўра гуруҳлаб олинди; жорий йил аввалида вазирлик ташаббуси билан бошланган “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ҳудудларда тиббий кўриклар амалга оширилиб, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолиига етук мутахассислар томонидан тиббий хизматлар кўрсатилди, мамлакатимиз тиббиёти қисқа даврда хирургиянинг ноёб турларидан бўлган трансплантация амалиётини тўла ўзлаштирди.
Маълумки, сўнгги икки йил бутун инсоният учун синовли давр бўлмоқда. Дунёни хавотирга солиб турган коронавирус пандемияси, афсуски, мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Айни кунларда ватанпарварлик, фидойилик ҳақида сўз юритар эканмиз, биринчи навбатда, мардона меҳнати, билим ва тажрибаси, ибратли фазилатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиб, аҳоли саломатлигини асрашда, айниқса, коронавирус инфекциясига қарши курашда жонбозлик кўрсатиб келаётган минг-минглаб тиббиёт ходимлари кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Бу кураш давомида миллий тиббиётимиз фавқулодда ҳолатларга мослашувчанлик, зарур бўлганда, бир йўналишга ихтисослашган тиббиёт муассасалари бошқа бир йўналишдаги беморлар учун ҳам ихтисослашиб кета олиш каби сифатларни ўзида ривожлантиргани халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.
Аммо, афсуски, ҳалигача шифокорларга нисбатан ҳурматсизлик, профессионал вазифасини бажариш давомида уларга куч ишлатиш ҳолатлари учраб турибди. Бу каби ҳолатларни буткул тўхтатиш ва Сиз азиз ҳамкасбларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга давлат даражасида эътибор қаратилишини таъминлаш учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга соламиз.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан эътибори сабаб тиббиёт ходимларига бўлган ишонч даражаси ошиб бормоқда. Қисқа вақт мобайнида соҳа мутахассисларининг хизматларини муносиб рағбатлантириш борасида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз муносабати билан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз маънавиятини юксалтириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, самарали илмий-амалий фаолияти билан мамлакатимизни ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун қатор юртдошларимиз билан бир сафда соғлиқни сақлаш тизимида ишлаб келаётган 40 нафарга яқин мутахассис фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлангани ҳам давлатимиз раҳбари назарида тиббиёт ходимлари қадр-қимматининг юксаклиги ифодаси, дея оламиз.
Янги Ўзбекистонда халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, уларни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларда тиббиёт ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги барчамизни қувонтиради.
Яна бир бор Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида халқимизни, шу жумладан, фидойи тиббиёт ходимларини улуғ айём билан самимий қутлаймиз. Хонадонингиздан файзу барака аримасин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазири.
2020 - 2025© Республикалық қыстаўлы медициналық жәрдем илмий орайы Қарақалпақстан филиалы